Асосий мазмунга ўтиш
…
BANKIR
ДолзарбДоллар курсиБанкларФинтехИқтисодиётБизнесКредит калькулятори

Асосий ставка 14 фоизда қолди: омонат ва кредитларга бу қандай таъсир қилади?

1 дақиқа 20.2K
Улашиш
Асосий ставка 14 фоизда қолди: омонат ва кредитларга бу қандай таъсир қилади?

Марказий банк бошқаруви 4 ноябрь куни асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолди. Ставка 2025 йил мартидан бери шу даражада турибди.

Йиғилишда иккита вариант кўриб чиқилган: ставкани 14 фоизда қолдириш ёки 13,5 фоизгача пасайтириш. Бошқарув аъзоларининг кўпчилиги биринчисини қўллади.

Нима учун ўзгармади?

⏺сентябрда йиллик инфляция 6,4 фоиз, базавий инфляция 5,5 фоиз бўлди;
⏺январь–сентябрда иқтисодий ўсиш 8,3 фоизга етди;
⏺жаҳон бозорида озиқ-овқат ва энергия нархлари ўзгарувчан, ички талаб эса юқори.

Шу боис регулятор 2026 йил якуни учун инфляция прогнозини 7 фоиз атрофига кўтарди. 5 фоизлик мақсадга 2027 йил охирида қайтиш кутилмоқда.

Омонатчи учун нима ўзгаради?

Маълумотларга кўра, аҳоли омонатлари бўйича ўртача ставка январдаги 20,6 фоиздан августда 18,4 фоизгача тушди. Банклар 18 фоиздан юқори омонатларни тобора кам таклиф қилмоқда.

Аммо ставка ҳамон инфляциядан анча юқори. Ачиловнинг айтишича, реал ставка қарийб 7 фоиз, нейтрал даража эса 5 фоиз атрофида.

Кредит олувчи учун-чи?

Банк бир йил ичида кредитларнинг ўртача ставкаси қарийб 2–3 фоиз бандига пасайганини қайд этди. Лекин микрокредитлар ва гаровсиз қисқа муддатли қарзлар ҳамон қиммат.

Уч эҳтимолий сценарий (бизнинг таҳлилимиз):

⏺Базавий — ставка 14 фоизда қолади, омонат ва кредит ставкалари секин пасайишда давом этади;
⏺Хатарли — инфляция 7 фоиздан ошади, қатъий сиёсат узоқроқ сақланади, кредитлар арзонлашмайди;
⏺Юмшоқ — нархлар ўсиши секинлашади, 2027 йилдан ставкани пасайтириш имкони пайдо бўлади.

Регулятор яқин 3–4 йилда асосий ставка, кредит ва омонат ставкалари пасайишини кутмоқда. Демак, юқори фоизли омонатлар муддатини режалаштиришда шуни ҳисобга олган маъқул.

Кейинги йиғилиш — 16 декабрь куни.

Ушбу хабар илк бор Bankir Telegram каналида эълон қилинган.Telegram’да очиш →

Яна ўқинг

Мавзуга оид